Back to Languages
Uzbek - Chapter 57
Translation by Alaaudeen Mansour
Verse 1
Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. У зот Азийз ва Ҳакиймдир
Verse 2
Осмонлару ернинг мулки Уникидир. У тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир
Verse 3
У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир
Verse 4
У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва улуғлигига муносиб суратда) Аршга юксалган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир. У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир
Verse 5
Осмонлару ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтадир
Verse 6
Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади ва У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир
Verse 7
Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир
Verse 8
Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар? Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиларингизга иймон келтиришга чақириб турибди. У зот сизлардан аҳд олган эди. Агар иймон келтирувчи бўлсаларингиз
Verse 9
У зот сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўз бандасига равшан оятларни туширади. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳимлидир
Verse 10
Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир
Verse 11
Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор
Verse 12
Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир (дейилур)
Verse 13
Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик», деган ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон урилур. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида — олдида азобдир
Verse 14
Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» – деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хомхаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди
Verse 15
Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» – дерлар
Verse 16
Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоғда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими
Verse 17
Шуни билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки, ақл юритсангизлар
Verse 18
Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор
Verse 19
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир
Verse 20
Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У, худди, ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас
Verse 21
Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир
Verse 22
Бирор мусийбатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусийбат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир
Verse 23
Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун. Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас
Verse 24
Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир
Verse 25
Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик — унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азийздир
Verse 26
Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни Пайғамбар қилиб юбордик ҳамда Пайғамбарликни ва китобни икковларининг зурриётига хос қилдик. Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир
Verse 27
Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳимдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир
Verse 28
Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар. У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳимли Зотдир
Verse 29
Токи китоб аҳллари Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини, фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган кишисига беришини билсинлар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир